Бугун 6 ноябрь, 2025 йил, пайшанба

O'ZB

Филиппинда “Калмаеги” тўфони камида 66 кишининг ҳаётига зомин бўлди

Филиппинда “Калмаеги” тўфони камида 66 кишининг ҳаётига зомин бўлди

Филиппин табиий офатларни бошқариш агентлиги маълумотига кўра, 4-ноябр куни содир бўлган “Калмаеги” тўфони оқибатида камида 66 киши ҳалок бўлди, яна 26 киши бедарак йўқолган. Deutsche Welle хабарига кўра, табиий офатдан жабр кўрган ҳудудларни ўрганаётган ҳарбий вертолет қулаши натижасида олти киши ҳалок бўлди. Қолганлари сув тошқини, қулаган дарахтлар ва биноларнинг қолдиқлари туфайли вафот этган.

Тўфон натижасида 430 мингдан ортиқ киши уйларини тарк этишга мажбур бўлди. “Калмаеги” Лузон, Висаяс ва Минданао орол гуруҳларидаги 24 провинцияга таъсир кўрсатди, кўплаб ҳудудларда электр таъминоти узилди, ўнлаб рейслар бекор қилинди. Шамоллар соатига 180 километр тезлик билан эсган, кучли ёмғирлар ва кўп метрли тўлқинлар билан бирга кузатилди.

Филиппиннинг Pagasa об-ҳаво хизмати маълумотига кўра, боғрон заифлашган, аммо кўпгина шаҳарларда кўчалар сув остида қолган, машиналар ағдарилган ёки сув остида қолган, аҳоли эса ўзларини қутқариш учун томларга чиқишга мажбур бўлган.

Синоптикларнинг маълумотларига кўра, “Калмаеги” етти марта қуруқликка тушган, сўнгги манзил Ғарбий Палаван провинциясидаги Эл-Нидо шаҳри бўлган. Тўфон чоршанба ёки пайшанба куни мамлакатдан Вьетнам томон йўл олиши кутилмоқда. Шу билан бирга, метеорологлар Филиппинга янги тропик циклон яқинлашаётганини ва у жума ёки шанба куни қуруқликка тушиб, супер тўфунга айланиши мумкинлигини билдирган.

Филиппинда ҳар йили ўртача 20 та тўфун кузатилади. Энг даҳшатлиси 2013-йилда Хайян бўлиб, 6300 дан ортиқ одамни ҳаётдан олиб кетган.

Киритилди: 15:32 05.11.2025. Ўқилди: 289 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!