ФИФА ўзининг "X" ижтимоий тармоғидаги саҳифасида 2029 йилги ёшлар ўртасидаги (U-20) жаҳон чемпионати мезбонларини эълон қилди.
Унга кўра, навбатдаги йирик турнир Арманистон ва Грузия майдонларида бўлиб ўтади.
"Арманистон ва Грузия 2029 йилда 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги ФИФА жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади! Бу ҳар икки мамлакат тарихида ФИФА шафелигида ўтказиладиган илк турнир бўлади", — дейилади расмий хабарда.
Маълумот учун:
2025 йилги ёшлар ўртасидаги ЖЧ Чилида бўлиб ўтди ва унда Марокаш терма жамоаси финалда Аргентинани 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, чемпионликни қўлга киритди. Колумбия эса Францияни мағлуб этиб, учинчи ўринни эгаллади.
ЖЧ-2027 турнири эса Озарбайжон ва Ўзбекистон яшил майдонларида ўтказилиши режалаштирилган.
Шу тариқа, Кавказ минтақаси кетма-кет иккита ёшлар ўртасидаги дунё биринчилигига мезбонлик қиладиган бўлди.