ФИФА раҳбари Джанни Инфантино Эрон терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этиши ёки этмаслиги борасида фикр билдирди. Мундиал Шимолий Америкада бўлиб ўтади. Аввалроқ, АҚШнинг ҳарбий амалиёти сабабли эронликлар мусобақага келмаслиги мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
"Мен Дональд Трамп билан учрашув ўтказдим ва унда Эрон билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилдик. У бўлажак турнирда жамоани кутаётганини маълум қилди", — дейилади раҳбарнинг ижтимоий тармоқлардаги хабарида.
Эрон терма жамоаси Миср, Бельгия ва Янги Зеландия миллий терма жамоалари билан бир гуруҳдан жой олди. Эрон терма жамоасининг барча ўйинларини АҚШда ўтказиш режалаштирилган.
Жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлгача бўлиб ўтади.