ФИФА президенти Жанни Инфантино португалиялик футболчилар Диогу Жота ва Андре Силванинг фожиали ўлими ҳақидаги хабарга муносабат билдирди. Испанияда спортчилар автоҳалокатда ҳалок бўлди. Англиянинг "Ливерпуль" клуби футболчиси Жота 28 ёшда, Португалиянинг "Пенафиэл" клубида тўп тепган Силва эса 25 ёшда эди.
"Диогу Жота ва унинг укаси Андре Силванинг фожиали ўлими ҳақидаги хабар мени чуқур қайғуга солди. 28 ёшида Диогу ажойиб карьера қилди ва унинг олдида яна кўплаб ажойиб йиллар бор эди, укаси Андре эса "Пенафиэл"да муваффақият қозонди. Иккаласи ҳам уларни билган барчага ва жаҳон футбол ҳамжамияти учун катта йўқотиш.
ФИФА ва умуман бутун футбол оиласи номидан уларнинг оиласи ва дўстлари, шунингдек, "Ливерпуль", "Пенафиэл" ва Португалия футбол федерациясидаги барчага ҳамдардман", - дея Инфантинонинг сўзларини келтиради ФИФА матбуот хизмати Х ижтимоий тармоғида.