АҚШ 2028 йилда футбол тарихидаги яна бир йирик халқаро мусобақага мезбонлик қилади. Мамлакатда илк бор аёллар клублари ўртасида Жаҳон чемпионати ташкил этилади.
ФИФА президенти Жанни Инфантинонинг маълум қилишича, янги турнир 2028 йилнинг 5–30 январь кунларига мўлжалланган. Унда дунёнинг олтита қитъа конфедерациясидан 19 та жамоа иштирок этади.
Мусобақани ҳар тўрт йилда бир марта ўтказиш режалаштирилмоқда.
Инфантино АҚШнинг йирик футбол турнирларини ташкил этиш борасидаги тажрибасига юқори баҳо берди. У мамлакат 2025 йилги клублар мундиали ва 2026 йилги Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилганини эслатиб, янги мусобақа ҳам юқори савияда ўтишига ишонч билдирди.
ФИФА раҳбарининг таъкидлашича, мазкур турнир аёллар клуб футболида янги имкониятлар очиб, турли қитъаларнинг етакчи жамоаларини бир майдонда жамлайди.