Феодосиядаги нефт омборида яна бир танк портлади. Нефт омборида Украина дронлари зарбаси оқибатида чиққан ёнғин тўрт суткадан буён давом этмоқда.
Қрим ҳудудидаги Феодосия нефт омборидаги ёнғин 4 суткадан буён давом этмоқда. Хабар қилинишича, кеча тунда нефт омборида яна бир танк портлаган. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари кучли портлаш вақтида олинган видео ва фотосуратларини тарқатмоқда.
Россия томонидан тайинланган Қрим раҳбари Сергей Аксенов Феодосияда “ёнғин туфайли терминаллардан бирида ёнувчи материаллар ажралиб чиққанини” маълум қилди.
Шунингдек, у нефт омбори “ихтисослаштирилган хизматлар ходимлари билан ўралгани ва эвакуация зонаси кенгаймаслигини” қўшимча қилди.
Россия расмийлари бир кун аввал нефт омбори атрофидаги ҳудуддан 1137 киши эвакуация қилингани ҳақида хабар берган эди.
Феодосиядаги денгиз нефт терминалига Украина дронлари 7 октябрга ўтар кечаси урилган. Терминалда турли ўлчамдаги 30 дан ортиқ танклар мавжуд эди.