Россия газини Украина орқали етказиб беришнинг тўхтатилиши европаликларнинг турмуш даражасига “энг салбий таъсир кўрсатади”, шунингдек, Европанинг иқтисодий салоҳиятини заифлаштиради, дейди Россия ТИВ матбуот котиби Мария Захарова.
Захарова Қўшма Штатларни "энергия бозорини қайта тақсимлаш" дан асосий фойда олувчи деб атади. Унинг фикрича, Америка расмийлари ҳаракатларининг биринчи “қурбони” “Шимолий оқим” портлашидан кейин “табиий газни анча юқори нархларда сотиб олишга мажбур бўлган” Германия иқтисодиёти бўлди.
"Энди илгари иқтисодий жиҳатдан муваффақиятли ва мустақил Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатлари Америка ҳомийлиги учун ўз нархини тўлаши керак", дейилади Россия ТИВ вакилининг шарҳида.
Захарованинг таъкидлашича, Европадаги газ муаммолари учун барча жавобгарлик АҚШ зиммасига тушади, чунки Россиядан газ транзитини тўхтатиш Америка иқтисодиёти манфаати учун ишлайди.