Фарғонага учаётган йўловчи cамолёти Туркманистонда фавқулодда қўнишни амалга оширди. Бу ҳақда Centrum Air авиакомпанияси расмий хабарида маълум қилинди.
Маълумотларга кўра, бугун Centrum Air авиакомпаниясининг Мадинадан Фарғонага учаётган А321neo самолёти Туркманистон ҳаво ҳудудидан учиб ўтаётганда двигател мойи сизиб чиққан.
"Йўриқномага мувофиқ, ҳаво кемаси командири Фарғона халқаро аеропортига парвозни ўзгартириб, уни Туркманистонинг Марв шаҳри аеропортига йўналтиришга қарор қилди. Самолёт командиридан билдиришнома олгач, Марв аеропортига захира самолётни юбориш тўғрисида қарор қабул қилинди. Захира самолёти аеропортга етиб борганидан сўнг, йўловчи ва уларнинг юклари Фарғонага эсон-омон етказилди", дейилади авиакомпания хабарида.