Украина Қуролли кучлари маълумотларига кўра, 3 июнга ўтар кечаси Украина ҳудуди бўйлаб Россия томонидан 112 та дрон учирилган. Одессада турар жой бинолари, фуқаролик инфратузилмаси ва бир нечта автомобилларга зарар етган. Шаҳар мэри Геннадий Трухановнинг маълум қилишича, жабрланганлар йўқ.
Харков вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубовнинг хабар беришича, сўнгги бир сутка ичида артиллерия ҳужумлари оқибатида вилоятда уч киши ҳалок бўлган, олти киши жароҳат олган. Херсон вилоятида эса бир киши ҳалок бўлган, яна 13 киши яраланган.
Бундан ташқари, 3 июн тонгида Россия армияси Суми шаҳрининг марказий қисмига ракета тизимлари орқали бир нечта зарба берган. Сўнгги маълумотларга кўра, ушбу ҳужум оқибатида уч киши ҳалок бўлган, 25 киши жароҳат олган. Шаҳар кенгаши хабарига кўра, яраланганлар орасида уч нафар бола ва уч нафар катталар оғир аҳволда.
3 ва 4 июн кунлари Суми вилоятида ҳалок бўлганлар хотирасига мотам кунлари деб эълон қилинди.
Украина президенти Володимир Зеленский ушбу ҳужумларни изоҳлар экан, Россия ҳар куни унга қарши санкцияларни кучайтириш ва Киевга ёрдамни ошириш учун сабаблар бераётганини айтди.