Ижтимоий тармоқларда Фарғонадаги хонадонларнинг бирида сақланаётган ёввойи Калифорния форси илони ҳақида видео тарқалди.
Фарғона вилояти ИИБ томонидан мазкур ҳолат текширилиб, унга аниқлик киритиб бериш юзасидан вилоят экология бошқармасига мурожаат қилинди.
Аниқланишича, Фарғона шаҳрининг Машъал маҳалласида яшовчи фуқаро К.К ўз хонадонида мазкур илонни ҳеч қандай рухсатномасиз боқиб келаётган экан. Бу ҳолат "Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида"ги қонунга зид эканлиги учун масала тегишли идораларга йўналтирилди.
Экологик назорат инспекцияси ва Фарғона шаҳар бўлими давлат инспекторлари вазиятни ўрганиб, фуқаро билан суҳбатлашди. Натижада К.К илонни ҳайвонот боғига топширишга рози бўлди. Энди ушбу Калифорния форси илони Фарғона ҳайвонот боғига жойлаштирилди.