АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байденнинг ўғли Хантернинг 4 миллион долларлик уйи Калифорниядаги йирик ёнғинлар натижасида бутунлай ёниб кетди. Бу ҳақда Daily Mail хабар бермоқда.
Нашрнинг эксклюзив маълумотларига кўра, "уч ётоқхона ва учта ҳаммомдан иборат, Тинч океанига манзарали кўринишга эга 1950-йиллардаги ҳашаматли ҳовлидан" фақат иккита мўри қолган.
Таъкидланишича, Хантер Байден рафиқаси билан бирга ушбу уйни ойига 15,8 минг долларга ижарага олган экан. Бундан ташқари, ёнғин натижасида АҚШ Махфий хизмати томонидан мамлакат президентининг ўғлини қўриқлаш учун ижарага олинган қўшни уй ҳам батамом вайрон бўлган.
Бундан олдин, АҚШнинг янги сайланган президенти Доналд Трамп кучли ёнғинлар сабабли Калифорния губернатори Гевин Нюсомни истеъфога чиқишга чақирган эди. Республикачи штат раҳбарини АҚШнинг энг гўзал ҳудудлари куйиб кул бўлаётганлигида айблади.