Фарғона вилоятида олиб борилган тезкор тадбирлар давомида жиноят олами вакиллари билан яқин алоқада бўлган ва бир қанча жиноятларни содир этишда гумонланаётган Эгамбердиев Абдулло Таваккал ўғли ушланган. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, ушбу шахс 1990 йилда туғилган, Фарғона вилояти Қўштепа тумани “Баланд масжид” МФЙ Наврўз кўчаси 14-уйда яшовчи, муқаддам Жиноят кодексининг 166-моддаси (Талончилик) 2-қисми билан судланган.
У 2022-2023 йилларда “Бахти Ташкентский” номи билан танилган криминал авторитет Бахтиёр Қудратиллоев ҳамда ”Салимбойвачча” — Салим Абдувалиев билан танишиб, улар билан яқин алоқада бўлган ҳамда жиноят оламида етакчи бўлишга уринган. Тезкор тадбирда Абдулло Эгамбердиев Фарғона шаҳрининг Қиргули мавзесида қўлга олинган.
Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 2-қисми “а”, “б” бандлари, 28-моддаси орқали 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Ҳурматли фуқаролар! Агар сиз ҳам ушбу шахсдан жабр кўрган бўлсангиз, яқин орадаги ички ишлар органларига ёки 102 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беришингиз сўралади”, дейилган хабарда.