Марғилон шаҳрида Эрон стартап компаниялари иштирокида лойиҳа қиймати 5 миллион доллар бўлган технопарк ва савдо мажмуаси барпо этилади. Мазкур инвестицион лойиҳа натижасида 500 дан зиёд янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Марғилон шаҳридаги “Mr. fish company” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхонаси муассиси, эронлик ишбилармон Шафи Ғулом Ризо ҳамда инвестор Катаюн Беҳзади билан учрашувда мазкур технопарк ҳамда савдо мажмуасини ташкил этиш лойиҳасини жадаллаштириш масаласини муҳокама қилди.
“Mr. fish company” корхонаси шаҳарнинг “Йўрмадўз” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги собиқ тўқимачилик комбинати биносида умумий 10 гектар майдонда, 6 гектар бино иншоотда фаолият олиб бормоқда. Янги лойиҳа икки босқичдан иборат бўлиб, дастлабкиси жорий йилнинг тўртинчи чорагида ишга туширилади. Бу ерда маиший техникалар йиғиш, меҳмонхона, савдо павильонлари ташкил этиш, қурилиш моллари ишлаб чиқариш ҳамда барча турдаги аккумляторлар ишлаб чиқариш лойиҳаларини ишга тушириш режалаштирилган. Ишлаб чиқариш ҳажми 80 миллион долларга етказилади.
Инвестор Шафи Ғулом Ризо Эрондаги кичик ва ўрта бизнеснинг инновацион компаниялари бу лойиҳага катта қизиқиш билдираётганини қайд этиб, компаниялар ишлаб чиқаришни ташкил этиш билан бирга ўз маҳсулотларини сотиш имкониятига ҳам эга бўлишини билдирди.
Тошкентда очилиши режалаштирилаётган Эроннинг Шариф технологиялар университетининг амалиёт бўлимини ҳам Марғилонда ташкил этилаётган технопаркда жойлаштириш ҳамда муҳандислар тайёрлашда Фарғона политехника институти билан ҳамкорлик ўрнатиш масаласи ҳам атрофлича кўриб чиқилди.
Вилоят ҳокими мулоқотда ушбу лойиҳаларни маъқуллаб, уларни муваффақиятли амалга ошиши учун ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирди.