Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, Фарғона вилоятининг Қўштепа тумани Катта Болтакўл қишлоғи канали бўйи кўчасидан ўтган ички хўжалик йўлида тунги соат 23:15ларда ЙТҲ содир бўлган.
Аниқланишича, 1995 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувидаги "Cobalt" русумли автомашина бошқарувини йўқотиш натижасида мазкур ҳудуддан оқиб ўтувчи Фарғона канали чеккасида ўрнатилган бетон тўсиққа урилиб, канал ичига тушиб кетган.
Ҳодиса содир бўлган йўл ҳолати яхши бўлгани, чуқурлар йўқлиги ва белгилар жойида экани, фақатгина йўл ёритилмаганлиги маълум қилинди.
Автомашина ичида бўлган ҳайдовчи ҳамда унинг ёнида бўлган йўловчилар нафас йўлига сув кириши оқибатида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.