Ижтимоий тармоқларда Олтиариқ туманидаги давлат боғчасида болалар овқатдан заҳарлангани ҳақида тарқалган хабар расмийлар томонидан рад этилди. Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизматига кўра, ўрганишлар давомида маълумот асоссиз экани аниқланди.
Расмий изоҳда айтилишича, 22 август куни икки нафар, 23 август куни эса тўрт нафар бола ич бузилиши ташхиси билан шифохонага мурожаат қилган. Лекин улардан бирортасига ҳам заҳарланиш ташхиси қўйилмаган. Ҳозирда барча болалар соғлом ҳолда оиласига қайтарилган.
Аниқланишича, мазкур ёлғон хабарни бемор болалардан бирининг қариндоши, маҳаллий патронаж ҳамшира ўзининг маҳалла Телеграм канали орқали тарқатган. У ота-оналарга фарзандларида саломатлик муаммолари кузатилса шифокорга мурожаат қилишни маслаҳат берган, бу эса ота-оналар ўртасида хавотир уйғотган.
Маълумот учун, Олтиариқдаги 7-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг айрим қисмларида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Шу сабаб боғча фаолияти вақтинча тўхтатилган бўлиб, таъмир ишлари сентябрь ойида якунланиши кутилмоқда.