Бугун 3 ноябрь, 2025 йил, душанба

O'ZB

Фарғона давлат университети — халқаро майдонда тан олинган нуфузли олий таълим маскани

Фарғона давлат университети — халқаро майдонда тан олинган нуфузли олий таълим маскани

Бугунги кунда дунё миқёсида олий таълим муассасаларининг рақобатбардошлигини белгилаб берувчи муҳим омиллардан бири — халқаро рейтинг тизимларида муносиб ўрин эгаллашдир.

Шу нуқтаи назардан, Фарғона давлат университетининг QS Stars халқаро рейтинг тизимида умумий 4 юлдуз “Rated for Excellence” (“Аъло даражадаги университет”) даражасини қўлга киритгани мамлакатимиз олий таълим тизими учун муҳим ютуқдир. Бу натижа нафақат университет жамоасининг фидокорона меҳнатини, балки Ўзбекистон таълим тизимининг халқаро майдондаги обрўсининг ортиб бораётганини ҳам кўрсатади.
QS Stars — дунёдаги энг нуфузли рейтинг тизимларидан бири бўлиб, у университетларни 50 дан ортиқ мезонлар асосида баҳолайди. Мазкур тизим таълим сифати, инфратузилма, бошқарув, битирувчиларнинг бандлиги, халқаро алоқалар, ижтимоий таъсир ва бошқа кўплаб йўналишларни қамраб олади.

Фарғона давлат университетининг ушбу рейтингда 4 юлдузли даражани қўлга киритиши — ўз фаолиятини халқаро стандартлар асосида йўлга қўйганини тасдиқлайди. Энг эътиборли жиҳати шундаки, университет таълим сифати, инфратузилма, бошқарув тизими ва битирувчиларнинг бандлиги йўналишларида энг юқори — 5 юлдузли натижага эришди.

Таълим сифати – 5 юлдуз. Университетда ўқув дастурлари халқаро стандартларга мослаштирилган, замонавий педагогик технологиялар жорий этилган. Талабаларнинг ўқув жараёнидан қониқиш даражаси юқори, бу эса таълим самарадорлигининг муҳим кўрсаткичидир.

Инфратузилма – 5 юлдуз. Замонавий ўқув бинолари, рақамли кутубхона, лабораториялар, спорт мажмуалари ва ахборот технологиялари базаси — буларнинг барчаси таълим сифатини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Яхши бошқарув – 5 юлдуз. Университетда бошқарув тизими очиқлик, стратегик режалаштириш ва ички назорат механизмларига асосланган. Самарали бошқарув эса барқарор ривожланишнинг асосий кафолатидир.

Битирувчиларнинг бандлиги – 5 юлдуз. ФарДУ битирувчилари меҳнат бозорида рақобатбардош бўлиб, кўплаб иш берувчилар томонидан эътироф этилмоқда. Бу эса таълим ва амалиётнинг уйғунлашганидан далолат беради.

Рейтинг натижаларига кўра, университет ижтимоий таъсир, санъат ва маданият, турли-туманлик ва инклюзивлик йўналишларида 3 юлдузли натижани қайд этди. Бу эса, бир томондан, университетнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини кўрсатса, иккинчи томондан, бу соҳаларда янада такомиллаштириш учун имкониятлар мавжудлигини билдиради.

Хусусан, санъат ва маданият соҳасида халқаро миқёсдаги ҳамкорликни кучайтириш, инклюзив таълим имкониятларини кенгайтириш, чет эллик талабалар сонини ошириш каби йўналишларда янги лойиҳалар режалаштирилмоқда.

Фарғона давлат университетининг бу ютуғи — жамоанинг илмий изланишлар, халқаро ҳамкорлик, таълим сифати ва бошқарув соҳаларида олиб бораётган изчил ислоҳотлари самарасидир.

Университет келгусида ҳам илмий-тадқиқот фаолиятини кучайтириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, инновацион таълим усулларини жорий этиш орқали глобал таълим майдонида ўз ўрнини янада мустаҳкамлашни мақсад қилган.

Фарғона давлат университетининг QS Stars рейтингда 4 юлдузли натижа олгани — нафақат университет жамоаси, балки бутун Ўзбекистон таълим тизими учун фахрли воқеадир. Бу натижа ФарДУнинг халқаро таълим маконида барқарор ривожланаётган, рақобатбардош ва истиқболли олий таълим маскани эканини яққол исботлади.

Фарғона давлат университети — сифатли таълим, илмий янгиланиш ва халқаро эътироф сари дадил қадамлар билан!

Киритилди: 14:26 02.11.2025. Ўқилди: 295 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!