8 июнь куни Самарқанддаги Регистон майдонида дунёга машҳур қўшиқчи, қўшиқнавис ҳамда «Грэмми», «Оскар», «Тони» ва «Эмми» мукофотлари соҳиби Жон Леженднинг узоқ кутилган концерти бўлиб ўтди. Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкил этилган ушбу чиқиш муҳим маданий воқеага айланди ҳамда Ўзбекистонни йирик маданий ва туристик тадбирлар ўтказиладиган глобал майдон сифатида тарғиб этишга қаратилган халқаро лойиҳалар туркумининг давоми бўлди.
Концертга ўзига хос муҳит бахш этган жиҳатлардан бири унинг саҳнадаги ҳайратланарли соддалиги бўлди. Саҳнада улкан декорациялар, мураккаб саҳналаштириш ечимлари ёки ёрқин махсус эффектлар йўқ эди — фақат Жон Леженд ва унинг рояли. Айнан мана шу ихчамлик томошабинларга энг муҳим жиҳатни — санъаткорнинг бетакрор овозини тўлиқ ҳис этиш имконини берди. Минглаб томошабинлар ҳар бир қўшиқни ҳайажон билан тинглар экан, ҳақиқий истеъдодга ортиқча безаклар керак эмаслигига яна бир бор амин бўлдилар.
Саҳнадан мусиқачининг энг машҳур композициялари янгради. Самимий туйғулар ва бирдамлик муҳити бу оқшомни чинakam унутилмас лаҳзага айлантирди. Самарқанднинг юлдузли осмони остида Жон Ледженд мусиқаси минглаб қалбларни бирлаштириб, концертни ҳақиқий санъат байрамига айлантирди.
Қўшиқлар орасидаги танаффусларда санъаткор ўзининг шахсий ҳаёти ҳақида ҳикоя қилиб, болалик йилларини эслади ва уни жаҳон миқёсидаги шуҳрат сари етаклаган йўли ҳақида сўзлаб берди. Унинг самимийлиги ва томошабинлар билан илиқ мулоқоти оқшомга янада ўзгача руҳ бағишлади. Томошабинлар эса ҳар бир композицияни узоқ давом этган олқишлар билан кутиб олдилар.
Жон Леженднинг Самарқанддаги чиқиши Ўзбекистон маданий ҳаётидаги яна бир ёрқин саҳифага айланди. Ушбу концерт мамлакатнинг халқаро маданий майдондаги ўрни тобора ортиб бораётганини ҳамда санъат ва мусиқа орқали инсонларни бирлаштириш салоҳиятига эга эканини яна бир бор намоён этди.