АҚШ президенти Доналд Трамп 2026-молия йилида мудофаа харажатларини кескин оширишни режалаштирмоқда.Bloomberg маълумотларига кўра, Оқ уйнинг бюджет таклифига миллий хавфсизлик харажатлари 1,01 триллион долларни ташкил этади, бу жорий йилга нисбатан 13 фоизга кўп.
📈 Мудофаа бюджетининг ўсиши Роналд Рейган ва унинг "Юлдузли урушлар" дастуридан кейинги энг катта кўрсаткич бўлади. Биргина Пентагон учун сарфланган маблағ 961 миллиард долларга кўтарилади, бу 2025-йилга нисбатан 112,7 миллиард долларга ва аввалги маъмурият режасидан 84,2 миллиард долларга кўпдир.
Лойиҳага кўра, Қўшма Штатлар тарихда биринчи марта хавфсизлик харажатлари бўйича 1 триллион долларлик чегарадан ошиб кетади. Ҳужжат “олтин гумбаз” ракетага қарши мудофаа тизимини яратиш, ҳарбий кемалар қуриш, ядровий триадани модернизация қилиш, ҳарбийларнинг маошларини 3,8 фоизга оширишга оид қоидаларни ўз ичига олади.
Шу билан бирга, маъмурият фуқаролик харажатларини 163 миллиард долларга ёки 22,6 фоизга қисқартиришни таклиф қилмоқда. Тўхтатиладиган дастурларга қайта тикланадиган энергия, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ирқий тенгсизликни бартараф этиш, халқаро ёрдам, фан, таълим ва шаҳарларни ривожлантириш киради.
Трамп Илон Маск ва унинг Ҳукумат самарадорлиги департаменти (DOGE) ёрдамида бюджетни 2 триллион долларга қисқартиришга умид қилган эди, аммо суд қарорлари туфайли бор-йўғи 150 миллиард доллар амалга оширилди – бу режалаштирилганидан 13 баравар кам.
Тежамкорликка сабаб - рекорд даражадаги бюджет камомади. Ўтган йили у 3 триллион доллардан ошган бўлса, бу йил феврал ойи ҳолатига кўра у аллақачон 1 триллион доллардан ошди. Давлат қарзи бўйича фоизларни тўлаш Оқ уйга йилига 1,2 триллион долларга тушади, бу унинг умумий харажатларининг тахминан 20 фоизини ташкил қилади. 2020 йилдан буён бу харажатлар қарийб 3 баравар ошди.