Фаластиннинг босиб олинган Ғарбий Соҳилида 17 октябр куни европалик дипломатлар исроиллик кўчманчиларнинг ҳужумига учради. Тайбе қишлоғига зайтун ҳосилини йиғиш жараёнини кузатиш учун борган Франция, Белгия ва Полша дипломатларининг автомашиналарига тош отилиб, ойналари синдирилди.
Бу ҳақда The Times of Israel хабар берди.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, квадроциклларда келган етти нафар ниқобли шахс дипломатларнинг машиналарини қуршаб олган ва улардан ҳужжат талаб қилган. Ҳодиса жойидан олинган видеоларда автомашиналардан бирининг ойнаси синдирилгани ва ерда бир дипломат ётгани акс этган.
Исроил мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) бу ҳужумни қоралади. Ҳарбийларнинг билдиришича, дипломатларнинг ташрифи армия билан олдиндан мувофиқлаштирилмаган. Ҳозирда Исроил полицияси ҳолат юзасидан суриштирув ишларини бошлаган.