Бугун 30 май, 2026 йил, шанба

O'ZB

Европада йирик операция: «Коза Ностра» мафиясининг 200 миллион евролик активлари мусодара қилинди

Европада йирик операция: «Коза Ностра» мафиясининг 200 миллион евролик активлари мусодара қилинди

Италия Молия гвардияси хорижлик ҳамкасблари билан ҳамкорликда ўтказган йирик тезкор тадбир давомида Сицилиянинг машҳур «Коза Ностра» жиноий гуруҳи ҳамда унинг собиқ раҳбарларидан бири Маттео Денарога тегишли бўлган 200 миллион евродан зиёд қийматдаги мулклар ва маблағларни хатлади.

BBC хабарига кўра, мазкур халқаро операция нафақат Италия, балки Андорра, Гибралтар, Кайман ороллари, Люксембург, Швейцария, Ливан, Монако ва Испания каби давлатларни ҳам қамраб олди. Хусусан, Сицилия ороли ва Испаниянинг Малага шаҳрида олиб борилган кенг қамровли тинтув тадбирларига 150 нафардан ортиқ соҳа мутахассислари жалб этилди.

Хабар қилинишича, жиноий гуруҳ томонидан яширилган нақд пулларни аниқлаш мақсадида замонавий дронлар ва иссиқликни сезувчи тепловизорлардан фойдаланилган. Бундан ташқари, криптоҳамёнлар ва рақамли активларни кузатиш учун махсус IT экспертлари иш олиб борган. Журналистларнинг ёзишича, маҳаллий матбуот ушбу мусодарани «Денаронинг нарко-хазинаси» деб атамоқда, бироқ бу маблағлар жиноий тармоқнинг улкан молиявий тизимидан бир қисм, холос.

Маълумот ўрнида, мафия етакчиси Мессина Денаро 30 йиллик яширин ҳаётдан сўнг, 2023 йилда онкологик клиникадан чиқаётган вақтида қўлга олинган ва кўп ўтмай 61 ёшида панжара ортида вафот этган эди. У 2002 йилда мафия фаолиятини фош этишга уринган машҳур прокурорлар Жованни Фалконе ва Паоло Борселлино суиқасдини ташкил этганлик учун сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Суриштирувлар давомида жиноий гуруҳга алоқадор 3 киши ҳибсга олинди. Шунингдек, Испания, Гибралтар ва Кайман оролларида кўчмас мулк савдоси билан шуғулланиб, маблағларни қонунийлаштиришга хизмат қилган 8 та сохта ширкат фош этилди. Тахминларга кўра, ушбу пуллар ташкилотнинг 40 йилдан ортиқ вақт давомидаги наркотрафикдан топган даромадлари бўлиб, улар Испания соҳилларидаги дам олиш масканлари орқали «ювиб» келинган.

Италия Мафия ва терроризмга қарши кураш миллий прокуратураси (DNAA) раҳбари Жованни Мелилло матбуот анжуманида ушбу амалиётнинг аҳамиятига тўхталди. Унинг сўзларига кўра, мақсад фақатгина молиявий маблағларни мусодара қилиш эмас, балки бир неча йил аввал фаолиятига чек қўйилган жиноий гуруҳнинг қайта тикланишига мутлақо йўл қўймасликдир.

Эътиборли жиҳати, мазкур йирик суриштирувга Андорра ҳуқуқ-тартибот идораларининг маълумоти туртки бўлган. Улар князлик ҳудудида йирик молиявий маблағларни тасарруф этаётган сицилиялик аёлга шубҳа билан қарашган. Кейинчалик аниқланишича, ушбу аёл муқаддам бир неча бор судланган ва тўғридан-тўғри Маттео Денаро билан алоқада бўлган йирик наркобароннинг рафиқаси бўлиб чиққан.

Киритилди: Бугун 11:52. Ўқилди: 169 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!