Европа ва Осиёдаги баъзи давлатлар ўзларининг шахсий ядро қуролига эга бўлиш ҳақида жиддий фикр юритмоқда. Улар Трамп президентлиги даврида Қўшма Штатларни ишончли иттифоқчи сифатида кўрмаяпти. Financial Times нашрига кўра, бу ҳолат ядро уруши хавфини ошириши мумкин.
"Катта давлатлар ўртасида ядро қуролини тарқатмаслик бўйича келишув тобора заифлашмоқда. Трамп феномени АҚШ иттифоқчиларининг ўзида ядро қуролига эга бўлиш зарурати ҳақида жиддий ўйлашига туртки берди. Улар энди Қўшма Штатларга суяниб қолмасдан, ўз хавфсизлигини таъминлаш йўлини ўзлари топишлари керак, деб ҳисоблашмоқда", – дейди Карнеги жамғармаси таҳлилчиси Анкит Панда.
Мутахассислар фикрича, агар Қўшма Штатларнинг ҳарбий кафолатини камайтириши оқибатида Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома тугатилса, дунёда 15-25 та янги ядро давлатлари пайдо бўлиши мумкин. Бу эса катта ядро урушининг бошланишига олиб келиши эҳтимолини оширади.
Financial Times хабарига кўра, ҳозирда ўз ядро қуролига эга бўлиш масаласини жиддий тарзда кўриб чиқаётган тўртта давлат бор, булар — Германия, Польша, Жанубий Корея ва Япония. Қайд этилишича, Жанубий Корея ва Япониянинг қизиқишига асосан Хитой ва Шимолий Корея ядро дастурларининг ўсиб бораётгани сабаб бўлмоқда.
Гарчи Доналд Трамп АҚШ ядро кафолатларини қайтариб олиши ҳақида расмий баёнот бермаган бўлса-да, сўнгги вақтларда Европа медиасида Қўшма Штатлар NATO доирасидаги ҳарбий мажбуриятларини камайтириши ва қитъадаги ҳарбий иштирокини сусайтириши мумкинлиги ҳақида ташвишли маълумотлар пайдо бўла бошлади.