Европа давлатлари Украинадаги можарони тинч йўл билан ҳал қилиш масаласида Россия президенти Владимир Путин билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб борадиган вакил номзодини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Politico нашри Европа Иттифоқи дипломатларига таяниб хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, Европа давлатлари ҳукуматлари яқин вақт ичида тинчлик келишуви бўйича музокараларда Россия раҳбари билан учрашадиган номзодни танлаш зарурлигини англаб етмоқда. Бироқ ҳозирча Европа Иттифоқида ушбу лавозим учун ягона номзод бўйича келишув мавжуд эмас.
Масала АҚШ президенти Дональд Трампнинг махсус вакили Стив Уиткоффнинг Санкт-Петербургга ташрифидан кейин янада долзарблашган.
Музокарачи сифатида Финляндия президенти Александр Стубб ва Европа кенгаши раҳбари Антониу Кошта номзодлари кўриб чиқилмоқда.
Стуббнинг номзоди Финляндия ва Россия ўртасидаги тарихий дипломатик алоқалар ҳамда унинг Трамп билан яхши муносабатлари туфайли маъқул кўрилмоқда. Кошта эса Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг умумий манфаатларини ифодалашда самаралироқ вакил бўлиши мумкинлиги билан изоҳланмоқда.
Европалик дипломатлардан бири бўлажак вакил нафақат йирик давлатлар, балки бутун Европа Иттифоқи манфаатларини ҳимоя қила олиши кераклигини таъкидлаган.
Россия президенти Владимир Путин аввалроқ музокараларда воситачилик қилиш учун Германиянинг собиқ канцлери Герхард Шрёдер номзодини маъқул кўришини билдирган эди. Шу билан бирга, у Европа давлатлари Москвага нисбатан кескин баёнотлар бермаган ва ишонч қозонган раҳбарни ўзлари танлаши кераклигини таъкидлаган.
Ҳозирча Европа Иттифоқи музокарачи номзоди бўйича якуний қарор қабул қилмаган.