Бугун 2 июнь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Европа Иттифоқи Ўзбекистон ва Қозоғистонда қочқинларни сақлаш марказлари қуришни режалаштирмоқда

 Европа Иттифоқи Ўзбекистон ва Қозоғистонда қочқинларни сақлаш марказлари қуришни режалаштирмоқда

ЕИ бошпана берилиши рад этилган мигрантлар учун махсус марказлар ташкил этиш бўйича ўндан ортиқ давлатлар билан музокаралар бошламоқчи. Бу ҳақда исми сир қолишини сўраган уч нафар ЕИ дипломатига таяниб Politico нашри хабар берди.

Уларнинг сўзларига кўра, эҳтимолий шериклар қаторида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳам бор. Бу мамлакатларда бошпана бериш рад этилганидан кейин мигрантларни чиқариб юбориш мумкин бўлган марказлар, шунингдек, ЕИдан бошпана сўраб қилинган аризаларни кўриб чиқиш майдончалари ташкил этилиши мумкин.

"Нидерландия, Австрия, Дания, Германия ва Греция бу каби марказларни ҳамда аризаларни қайта ишлайдиган ташқи пунктларни яратиш устида биргаликда ишламоқда. Бунинг эвазига лойиҳада иштирок этувчи мамлакатларга ривожланиш учун ёрдам маблағлари ёки виза режимини енгиллаштириш таклиф қилиниши мумкин", дейилади Politico хабарида.

Нашр манбаларига кўра, Европа давлатлари эҳтимолий мамлакатлар номларини оммавий равишда тилга олмасликка ҳаракат қилмоқда. Уьар Буюк Британиянинг Руанда билан боғлиқ лойиҳаси ва Италиянинг Албания билан тузган, ҳуқуқий муаммоларга дуч келган схемаси атрофида кузатилган машмашалар такрорланишидан қўрқади. ЕИ дипломатларидан бири йил якунига қадар “лойиҳанинг аниқ контури (режаси)” яратилиши кўзда тутилганини маълум қилган.

Ташқи марказларни ташкил этиш бўйича муҳокамалар мигрантларни депортация қилиш тўғрисидаги ЕИнинг янги регламенти (қоидалари) бўйича музокараларнинг якуний босқичи билан параллел равишда олиб борилмоқда. Politico маълумотларига кўра, Франция ва Германия ушбу марказлар механизми регламент узил-кесил тасдиқланиши билан амалиётга татбиқ этилишини талаб қилмоқда.

Киритилди: Бугун 08:11. Ўқилди: 374 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!