Европа Иттифоқи Туркия орқали Жанубий Кавказ ва Марказий Осиё мамлакатлари билан барқарор ва самарали транспорт, энергия ва рақамли алоқаларни ўрнатишни мақсад қилган.
Европа ҳисобот бюросининг Еврокомиссияга таяниб хабар беришича, Европа Иттифоқининг ушбу соҳадаги стратегик сармояларни мувофиқлаштириш ташаббуси Европа давлатлари, шунингдек, Озарбайжон, Арманистон, Молдова, Туркия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон вакиллари ўртасида муҳокама қилинган асосий мавзу бўлди.
"Бу Европа Иттифоқининг Қора денгиз ва Марказий Осиё минтақаларига нисбатан стратегик ёндашувига мос келади”, дейилади учрашув якунлари бўйича баёнотда.
Муҳокамаларда Европа Иттифоқи вакили сифатида Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакил Кая Каллас, Кенгайиш бўйича комиссар Марта Кос ва халқаро ҳамкорлик бўйича комиссар Йозеф Сикела иштирок этди.
Иштирокчилар ўзаро манфаатли соҳалар, жумладан, хавфсизликни таъминлаш бўйича ҳамкорликни чуқурлаштириш тарафдори эканликларини тасдиқладилар.
"Европа ва Осиё ўртасидаги асосий кўприк бўлган Қора денгиз минтақаси халқаро савдо ва ғалла, энергия ва асосий хомашё транзитида муҳим роль ўйнаб, уни минтақавий ва глобал хавфсизликнинг марказий элементига айлантиради", — деди Европа Иттифоқи.
Биринчи учрашувда иштирокчилар хавфсизлик масалаларига эътибор қаратдилар. Европа Иттифоқи аъзо давлатлар ва ҳамкорларга денгиз салоҳиятини ошириш, жумладан мониторинг, муҳим инфратузилмани ҳимоя қилиш ва гибрид таҳдидларга қарши курашишда ўз ёрдамини кучайтиришга тайёрлигини билдирди.
Иккинчи йиғилишда Европа Иттифоқи вакиллари Европа Иттифоқига аъзо давлатлар, Қора денгиз минтақаси, Жанубий Кавказ ва Марказий Осиё вазирлари билан биргаликда минтақалараро алоқаларни, жумладан, транспорт ва логистика, энергетика ва рақамли секторларни ривожлантириш бўйича улкан дастурни муҳокама қилдилар.
Томонлар ҳамкорликнинг тўртта устувор йўналишини белгилаб олдилар: Транскаспий халқаро транспорт йўналишини (Ўрта йўлак) мустаҳкамлаш ва коммуникацияларни кенгайтириш; инновацияларни, рақамли савдони рағбатлантириш ва муҳим инфратузилма хавфсизлигини таъминлаш учун юқори тезликдаги интернетни ривожлантириш; энергия алоқаларини яхшилаш ва қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этишни жадаллаштириш; ва трансчегаравий савдони осонлаштириш учун божхона тартиб-қоидаларини уйғунлаштириш ва рақамлаштириш.