Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари 18 ноябрь куни Брюсселда бўлиб ўтадиган учрашувда биринчи марта Исроилга қарши савдо санкциялари ва Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлар давомида гуманитар меъёрларга риоя қилмагани учун у билан сиёсий мулоқотни музлатиш масаласини кўриб чиқадилар. Бу ҳақда ЕИ дипломатик хизмати раҳбари Жозеп Боррел маълум қилди.
"Исроил расмийларига Ғазодаги урушда халқаро ҳуқуққа риоя қилиш бўйича бир йиллик самарасиз чақириқлардан сўнг, биз одатдагидек ҳамкорликни давом эттира олмаймиз. Шунинг учун мен Европа Иттифоқи мамлакатларига ноқонуний аҳоли пунктларидан маҳсулотларни импорт қилишни тақиқлашни, шунингдек, Исроил билан сиёсий мулоқотни музлатиб қўйишни таклиф қилдим. Бу чоралар келаси ҳафта Европа Иттифоқи Кенгашининг ТИВ раҳбарлари даражасидаги йиғилишида кўриб чиқилади," - деб ёзди Боррел ўз блогида.