2025 йил февраль ойида Европага суюлтирилган газ импорти рекорд даражада ошди. Бу ҳақда газ экспорт қилувчи мамлакатлар форуми ҳисоботига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
Ёқилғи етказиб бериш ўтган йилга нисбатан 19%га ўсиб, 11,99 млн тоннага етди. Бундай тенденция совуқ об-ҳаво шароитида қувурлар таъминотининг қисқариши ва иситиш учун газга бўлган талабнинг ошиши билан изоҳланади.
«Политико» нашрининг ёзишича, Европа Иттифоқи Россиянинг суюлтирилган газ импортини бутунлай тақиқламади, чунки у аввал АҚШ билан ёқилғи етказиб бериш бўйича келишиб олмоқчи.
«Европа Иттифоқи февраль ойида Россияга қарши санкцияларни қабул қилганда, босим кучайиб бораётганига қарамай, амалдорлар Россия суюлтирилган табиий газига тақиқни киритмадилар. Бунга сабаб Доналд Трамп билан давом этаётган музокаралар эди: Европа Иттифоқи Вашингтон билан келишувга эришмагунча Россиядан келтирилаётган ёқилғига расмий тақиқ қўйишни таклиф этишни хоҳламади,» дея манбанинг сўзларини келтиради «РИА Новости».
2025 йил март ойи бошига келиб, Европадаги ер ости газ омборларидаги ёқилғи захиралари уларнинг умумий сиғимининг деярли 38%игача тушиб кетди. Бу уч йил ичидаги энг паст кўрсаткичдир.
Европа газ инфратузилмаси операторлари уюшмаси (ГИE) маълумотларига кўра, бу кўрсаткич март ойи бошидаги сўнгги беш йиллик ўртача кўрсаткичдан 11,46% пунктга орқада қолмоқда.
2024 йил 31 мартда якунланган ўтган иситиш мавсумини Европа давлатлари ер ости газ омборларининг рекорд даражадаги тўлдириш кўрсаткичи — 58,44% билан тугатдилар.