Европа Иттифоқи Россия судининг қарори ортидан Бельгиянинг Euroclear депозитарийсига ёрдам бериш вариантларини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Bloomberg манбаларга таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, қўллаб-қувватлаш чоралари бўйича музокаралар ҳозирча дастлабки босқичда.
15 май куни Москва арбитраж суди Россия Марказий банкининг Euroclear’га қарши даъвосини қаноатлантириб, компаниядан Россиянинг халқаро захиралари музлатилгани билан боғлиқ 200 миллиард евро миқдорида зарарни қоплашни талаб қилган эди.
26 май куни суд мазкур қарорни дарҳол ижро этиш ҳақида қарор чиқарди. Euroclear эса Москва арбитраж судига апелляция шикояти киритган.
2022 йил феврал ойида Европа Иттифоқи санкциялари жорий этилганидан сўнг Россиянинг олтин-валюта захираларининг катта қисми Euroclear ҳисобларида музлатиб қўйилган.
Россия Марказий банки маълумотларига кўра, «дўстона бўлмаган давлатлар»да музлатилган Россия активларининг умумий ҳажми тахминан 300 миллиард долларга баҳоланмоқда.