Оқ уйдаги тўқнашувдан сўнг кўп ўтмай, Европанинг барча давлатлари раҳбарлари ижтимоий тармоқларда Зеленскийни қўллаб-қувватлашларини билдирди.
Германиянинг амалдаги канцлери Олаф Шолс шундай деди: "Ҳеч ким украиналиклардан кўра тинчликни кўпроқ хоҳламайди." Ўтган якшанба куни бўлиб ўтган умумий сайловларда ғалаба қозонган партия етакчиси, Шолснинг эҳтимолий вориси, Германиянинг консерватив раҳбари Фридрих Мерс шундай ёзди: "Биз яхши кунларда ҳам, синовли дамларда ҳам Украина билан биргамиз. Биз бу даҳшатли урушда босқинчи билан қурбонни ҳеч қачон адаштирмаслигимиз керак."
Шу ҳафта Трамп билан учрашган Франция президенти Эммануэл Макрон Х'да шундай ёзди: "Босқинчи бор: у Россия. Ҳужумга учраган халқ бор: у Украина."
"Бошидан бери курашаётганларга ҳурмат. Чунки улар ўз қадр-қиммати, мустақиллиги, фарзандлари ва Европа хавфсизлиги учун курашмоқда," дея қўшимча қилди Макрон.
Европанинг Украинани қўллаб-қувватлаш парадига ўз овозини қўшганлар орасида Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляен ва Европа Кенгаши раиси Антонио Коста, Буюк Британия Бош вазири Кеир Стармер, Полша Бош вазири Доналд Туск ҳамда Испания Бош вазири Педро Санчес бор эди.