"Европа Иттифоқи ва АҚШ шу пайтгача Киевга йилига 40 миллиард еврога яқин ҳарбий ёрдам кўрсатган. Бироқ бу маблағларни тўғридан-тўғри Украина ишлаб чиқарувчиларидан арзонроқ қурол-яроғ сотиб олишга йўналтириш орқали самаралироқ фойдаланиш мумкин", — деди мудофаа масалалари бўйича еврокомиссар Андрюс Кубилюс.
Унинг сўзларига кўра, бу аслида Украина худди шу 40 миллиард еврога оладиган қурол ҳажмини икки баравар оширади.
"Бундай усул орқали бизни қўллаб-қувватлашимизнинг ҳақиқий қиймати 80 миллиард еврогача етади", – деб ёзди Кубилюс Х ижтимоий тармоғида.
Шу билан бирга, еврокомиссар Европа Иттифоқи мамлакатларида Украинага ёрдам бериш учун янги восита борлигини эслатди. Қайд этилишича, улар Киев учун ҳарбий харидларни молиялаштириш мақсадида мудофаа кредитларидан фойдаланишлари мумкин.
"Мана шунда “Куч орқали тинчлик” формуласи амалда чинакамига ишлаши мумкин. Кредитлар – бу Украина учун куч! Агар Қўшма Штатлар президенти Доналд Трамп Владимир Путинни урушни тўхтатишга кўндирмаса, бу амалга ошади" – дея таъкидлади Кубилюс.