Еврокомиссия АҚШ томонидан ўрнатилган тарифларга жавоб чоралари режаси доирасида Американинг Boeing аэрокосмик корпорацияси самолётларига савдо божларини жорий этиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Бу ҳақда Financial Times газетаси манбаларга таяниб хабар берди.
Уларнинг сўзларига кўра, агар Вашингтон билан савдо музокаралари барбод бўлса ва Европа товарларига божларни пасайтиришга эриша олмаса, Брюссел бу қадамни қўйишни режалаштирмоқда.
Газетанинг ёзишича, Еврокомиссия фуқаролик самолётларини Америка товарларига нисбатан қарийб 100 миллиард евро миқдорида кўриладиган қарши чоралар рўйхатига киритиши мумкин. Қарор ҳамжамиятга аъзо мамлакатларнинг кўпчилиги томонидан маъқулланган тақдирдагина кучга киради.
Самолётларга ва, эҳтимол, кимё саноати маҳсулотларига солинадиган Европа Иттифоқи божлари 14 апрелдан кучга киради, деди манбалар.
Еврокомиссия ва Boeing компанияси изоҳ беришдан бош тортди, деб ёзади FT.