Эстонияда дронлар ишлаб чиқарувчи Threod Systems мудофаа корхонаси биносига ўт қўйишга уриниш бўлди. Эстония хавфсизлик полицияси ҳодисани Россия ҳарбий разведкаси мувофиқлаштирганини билдирди. Шу сабабли Эстония жорий йилнинг 1 декабридан Россия билан чегарадаги барча ўтказиш пунктларини ёпади.
Эстония хавфсизлик полисияси (КаPo) ушбу ҳодисага алоқадор саккиз кишини қўлга олган. Уларнинг фуқаролиги ҳақида маълумот берилмаган. Прокуратура қўлга олинганлардан беш нафарини қамоққа олишни сўраган.
Эстония хавфсизлик полицияси раҳбари Марго Паллоcоннинг маълум қилишича, корхонага ўт қўйишга уриниш ортида Москва турган, ҳаракатлар эса Россия ҳарбий разведкаси (ГРУ) томонидан мувофиқлаштирилган.
Эстония ташқи ишлар вазири Маргус Цахкна Россия ҳарбий разведкаси мамлакат компаниясига қарши қўпорувчилик уюштиришга буйруқ берганини тасдиқловчи ишончли далиллар борлигини айтган. Шу муносабат билан 1 декабрдан Россия билан чегарадаги барча ўтказиш пунктлари ёпилишини маълум қилган.
"Россия Эстонияга қарши душманона ҳаракатлар қандай оқибатларга олиб келишини тушуниши керак. Бизни қўрқитиш, вазиятни беқарорлаштириш ёки хавфсизлигимизга путур етказишга уринишлар жавобсиз қолмайди", — деди вазир.