Эстония ташқи ишлар вазири Маргус Цахкна мамлакат ҳаво ҳудудидан 9 май куни бўлиб ўтадиган парадда қатнашишни режалаштираётган хорижий давлатлар вакилларининг Москвага парвозлари учун фойдаланишига йўл қўйилмаслигини маълум қилди.
"9 май муносабати билан Москвага парвоз қилиш учун Эстония ҳаво ҳудудидан фойдаланиш мутлақо истисно этилади ва Эстония ушбу тадбирни ҳеч қандай тарзда қўллаб-қувватламайди," - деди Цахкна ERR нашрига берган интервьюсида.
Вазир таъкидлаганидек, Эстония Европа сиёсатчилари Россия томонидан уюштирилган "тарғибот тадбирларида" иштирок этмасликлари кераклигини талаб қилишда давом этмоқда. ERR эслатиб ўтганидек, илгари Таллин Куба ва Бразилиядан 9 май куни Москвага ёки ортга VIP рейсларни амалга оширишни тақиқлаган эди.