Эроннинг муқаддас Қум шаҳридаги 400 дан зиёд юқори мартабали шиа уламолар олий раҳбар Оятуллоҳ Алии Хоманаийга таҳдид қилганларга нисбатан «мухареба» — яъни Худога қарши уруш олиб бориш деб баҳоланувчи фатвони қўллаб-қувватлади.
Қум семинарияси устозлари жамияти аъзолари томонидан имзоланган баёнотда қайд этилишича, олий раҳбар ва диний ҳокимиятни ҳимоя қилиш барча мусулмонларнинг бурчи ҳисобланади. Улар мазкур фатвони «зарур ва ўз вақтида берилган» деб баҳолаб, у Исроил расмийларининг Хоманаийга қарши суиқасд режаларига жавоб сифатида қабул қилинганини таъкидладилар.
Баёнотда Оятуллоҳ Ҳусайн Нурий Ҳамадоний ва Носир Макорим Шерозий сингари нуфузли уламоларнинг сўнгги фатволарига ишора қилинган. Уламоларга кўра, бу таҳдидлар «ислом уммати ва унинг қадр-қимматига қарши ҳужум» сифатида баҳоланади.
Фатвони қўллаб-қувватлаганлар орасида Эроннинг Нозоратчилар кенгаши аъзоси Аҳмад Хотамий, шиа уламоси Ализаро Арофий ва бошқа расмий ёки ярим расмий мақомдаги шахслар бор.
Уламолар ўз чиқишларида АҚШ президенти Доналд Трамп, Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳамда МАГАТЭ раҳбари Рафаэль Гроссини ҳам танқид остига олиб, уларни Эрон раҳбарияти ва инфратузилмасига қарши амалга оширилган ҳужумларда «ҳарбий жиноятчилар» сифатида жавобгарликка тортишга чақирдилар.
Улар халқаро судлардан Гросси ва бошқа раҳбарларни суд қилиш ва жазолашни талаб қилдилар. Шунингдек, Эрон расмийлари МАГАТЭни Ғарб разведкаси билан ҳамкорликда ҳаракат қилганликда ва ядровий объектларга қарши ҳужумларга ёрдам берганликда айблашмоқда.
Бу баёнот Ғарб мамлакатларининг хавотирига сабаб бўлди. Британия, Франция ва Германия МАГАТЭ мустақиллиги ва холислигини қўллаб-қувватлашларини таъкидлаб, Эронни агентлик ишини сиёсийлаштирмасликка чақирган.