Эрон Исроил Ливанга ҳужумларни давом эттирса, тинчлик келишувидан чиқиши мумкин. Бу ҳақда Tasnim агентлиги манбага таяниб хабар берди.
Манбага кўра, Теҳрон Исроил томонидан сулҳ шартлари бузилаётганини жиддий таҳдид сифатида баҳоламоқда.
«Агар Исроил Ливанга ҳужумларни давом эттириб, ўт очишни тўхтатиш режимини бузса, Эрон келишувдан чиқади. Агар АҚШ минтақадаги ўзининг агрессив “итини” тўхтата олмаса, Эрон бунга ўзи ёрдам беради — зарур бўлса, куч ишлатиб», — деди агентлик суҳбатдоши.
Шунингдек, манба Эрон Қуролли кучлари Исроилнинг Ливандаги сўнгги ҳужумларига жавоб сифатида эҳтимолий нишонларни аниқлаётганини қўшимча қилди.
Мутахассислар фикрича, бундай кескин баёнотлар минтақадаги вазият янада издан чиқиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Агар томонлар ўртасидаги зиддият кучайса, бу кенг қамровли ҳарбий тўқнашувга олиб келиши эҳтимоли сақланиб қолмоқда.