Эронда хавфсизлик ва разведка идоралари томонидан йиғилган маълумотлар орқали мамлакат ичида душманлар билан боғланган тармоқлар фош этилди, деб маълум қилди Эрон Суд ҳокимияти матбуот котиби Асғар Жаҳонгир.
Шанба куни ўтказилган матбуот анжуманида Жаҳонгир жамоатчиликни ишонтиришича, "текширувлар тезкор, қатъий ва аниқ тарзда олиб борилмоқда", ва яқин кунларда кенг жамоатчиликка қўшимча маълумотлар тақдим этилади.
Эвин қамоқхонасига қилинган сўнгги ҳужумга оид саволга жавобан Жаҳонгир, ҳужумнинг мақсади Исроил томонидан айрим жосусларни йўқ қилиш бўлгани ҳақидаги иддаоларни расман рад этди, аммо Исроил режими халқаро қоидаларни менсимаслик мақсадини кўзлаганини таъкидлади.
«Бу ҳужум — инсон ҳуқуқларини мунтазам бузиб келаётган ва жавобгарликдан қочаётган режимнинг навбатдаги ноқонуний ҳаракати», — деди Жаҳонгир.
Унинг таъкидлашича, ҳужумнинг асосий мақсади жамиятни қўрқитиш, Ислом инқилоби, Ислом ва Эронга бўлган қўллаб-қувватлашни камайтириш эди.
«Ҳужум оқибатида маҳаллий фуқаролар, қамоқхона ходимлари, суд органлари ходимлари ва маҳбуслар оилалари орасида ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар бор», — деди у.
Жаҳонгир Эвин қамоқхонасига қилинган ҳужумни «террорчилик акти ва инсониятга қарши жиноят», деб баҳолаб, бу ҳолат барча халқаро меъёрларга зид эканини таъкидлади.
У инсон ҳуқуқларини тез-тез тилга оладиган халқаро ҳамжамиятни Исроилга қарши аниқ ҳуқуқий чоралар кўришга чақирди.
Шунингдек, ҳужум пайтида айрим маҳбуслар қочиб кетганини тасдиқлади:
«Бир неча маҳбус вазиятдан фойдаланиб қочган, аммо уларнинг сони катта эмас. Қолаверса, айрим маҳбуслар яраланганларга ёрдам бериб, ўзлари қочмаган», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, қочганлар орасида юқори даражали маҳбуслар йўқ, ва улар албатта ушлаб қўлиниб, қайта қамоққа қайтарилади.