АҚШ ва Эрон Уммон пойтахтида бўлиб ўтган учрашувда музокаралар жараёнини давом эттиришга келишиб олди. Бу ҳақда Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароғчи ирон миллий телевидениесига берган интервьюсида маълум қилди, деб хабар беради Mehr.
Вазирнинг сўзларига кўра, томонлар алоқаларни давом эттиришга рози бўлган, бироқ кейинги учрашувнинг вақти ва жойи ҳали аниқланмаган.
«Бугун бир неча раунд учрашувлар ўтказилди, ўз позицияларимиз ва хавотирларимиз баён этилди, масалалар жуда яхши муҳитда муҳокама қилинди. Умуман олганда, бу яхши бошланиш, аммо унинг давоми пойтахтлардаги маслаҳатларга боғлиқ», — деди юқори лавозимли эрон дипломати.
Шунингдек, у бугунги музокараларни «узоқ давом этган ва жадал» деб тавсифлади. Унинг айтишича, воситачилар орқали ўтган бир неча учрашувлар соат 10:00 дан 18:00 гача давом этган.