Эрон Мажлиси (бир палатали парламент) раиси Муҳаммад Бағир Ғолибаф Эрон Ислом Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида ҳар томонлама стратегик шериклик тўғрисидаги тасдиқланган шартномани мамлакат президенти Масъуд Пезешкянга юборди.
Бу ҳақда Tasnim агентлиги хабар берди.
"Конституциянинг 123-моддасига мувофиқ, парламент раиси Муҳаммад Бағир Ғолибаф Эрон Ислом Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида ҳар томонлама стратегик шериклик тўғрисидаги шартномани президентга топширди”, — дейилади ОАВда.
Ҳужжат, хусусан, томонлар ўртасида ўзаро манфаатли барча соҳалардаги муносабатларни чуқурлаштириш ва кенгайтириш, хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, ҳар томонлама, узоқ муддатли ва стратегик шериклик тамойилларига мувофиқ минтақавий ва глобал миқёсдаги фаолиятни яқиндан мувофиқлаштиришни назарда тутади.
Эслатиб ўтамиз, 17 январь куни Кремлда бўлиб ўтган музокаралар якунида Россия ва Эрон президентлари Владимир Путин ва Масуд Пезешкян икки давлат ўртасида ҳар томонлама стратегик шериклик тўғрисидаги шартномани имзолаган эди. 21 апрель куни Россия раҳбари келишувни ратификация қилувчи қонунни имзолади.