Эроннинг кўплаб шаҳарларида итлар юриши тақиқланган. Илгари Теҳрон билан чегараланган тақиқ энди мамлакатнинг 20 га яқин бошқа шаҳарларига, жумладан Исфахон ва Кирмонга ҳам жорий этилди, дея хабар беради маҳаллий ОАВ.
Расмийлар қарорга сабаб сифатида “жамоат тартиби, хавфсизлик ва саломатлик” билан боғлиқ хавотирларни кўрсатди. Илом шаҳар маъмурияти вакилининг айтишича, қоидабузарларга нисбатан “қонуний чоралар” кўрилади.
Эронда итларга муносабат кескинлигича қолмоқда. Гарчи итларга эгалик қилиш расман тақиқланмаган бўлса-да, 1979 йилги Ислом инқилобидан кейин уй ҳайвонларига эгалик қилиш шартлари тобора қаттиқлашди. Ислом анъаналарида итлар ҳаром саналади ва улар билан юриш Ғарб турмуш тарзининг кўриниши сифатида кўрилади.
Диний консерваторлар кўчадаги итлар бошқа одамларга ноқулайлик туғдиради ва ислом маданиятига зарарли эканлигини таъкидлайдилар. Шунинг учун улар кўп йиллар давомида уй ҳайвонларини сақлаш ва юришни бутунлай тақиқлашни талаб қилмоқдалар.