Эрон Ҳўрмуз бўғозини тўлиқ оча олмаяпти, чунки акваторияга ўрнатилган барча миналарни топиш ва зарарсизлантиришга қодир эмас. Бу ҳақда АҚШ расмийларига таяниб The New York Times нашри хабар бермоқда.
Нашр маълумотларига кўра, Теҳрон март ойида кичик кемалар ёрдамида бўғозни миналаб чиққан. Эҳтимол, барча миналарнинг жойлашуви қайд этилмаган, баъзилари эса сув оқими билан ҳаракатланиб юрибди. Денгиз миналарини зарарсизлантириш уларни ўрнатишдан кўра анча мураккаброқ ва ҳозирда АҚШда ҳам кучли мина қидирувчи техник воситалар мавжуд эмас.
Юзага келган бу вазият Покистонда ўтадиган АҚШ ва Эрон музокараларини мураккаблаштириши мумкин. Ҳозирда бўғозда кемалар қатнови деярли тўлиқ тўхтаган, бу эса энергия ресурслари нархининг ошишига олиб келди. Шу билан бирга, Эрон бож тўлашга тайёр бўлганлар учун алоҳида йўлак қолдирган.