BBC Verify таҳлил қилган сунъий йўлдош тасвирлари ва видеолавҳаларга кўра, уруш бошланганидан буён Эроннинг ҳужумлари натижасида Яқин Шарқдаги АҚШга тегишли 20 та ҳарбий объект зарар кўрган.
Маълумотларга кўра, февраль ойи охиридан буён Эрон саккизта мамлакатда жойлашган муҳим ҳарбий нишонларга зарба берган. Ҳужумлар оқибатида ҳаво мудофаа тизимлари, ёқилғи қуйиш самолётлари ва радиолокация қурилмаларига миллионлаб долларлик зарар етган.
Сўнгги уч ой давомида Теҳрон АҚШ ва Исроилнинг Эрон ҳамда Ливан ҳудудларига берган зарбаларига жавобан Америка базалари ва қўшма ҳарбий иншоотларни нишонга олган. Пентагон маълумотига кўра, «Эпик ғазаб» операцияси бошланганидан бери АҚШ Эрон ҳудудидаги нишонларга 13 мингдан ортиқ зарба берган.
Мужтабо Хоманаий ўз баёнотида Америка объектларига қарши амалга оширилган ҳужумларни муваффақиятли деб баҳолаб, Яқин Шарқ энди АҚШ ҳарбий базалари учун «хавфсиз ҳудуд эмас»лигини таъкидлади.
Оқ уй бир неча бор Эрон ҳарбий салоҳияти деярли йўқ қилинганини маълум қилган бўлса-да, таҳлилчилар ҳужжатлаштирилган зарарлар Теҳроннинг жавоб зарбалари аввал ўйланганидан анча аниқ ва кенг қамровли бўлганини кўрсатаётганини қайд этмоқда.
АҚШ Мудофаа вазирлиги эса BBC Verify хулосалари юзасидан изоҳ беришдан бош тортиб, буни «операцион хавфсизлик» билан боғлиқ масала деб атади.
Шунингдек, АҚШ йирик сунъий йўлдош тасвирлари провайдерларидан бири бўлган Planet Labsдан Эрон ва Яқин Шарқнинг катта қисмига оид янги тасвирларни эълон қилишга доимий чекловлар жорий этишни сўрагани хабар қилинмоқда.