Эрон қуролли кучлари Қувайт нефть компанияси (KPC)га қарашли нефтни қайта ишлаш заводига бир неча марта зарба берди. Қувайтнинг KUNA давлат ахборот агентлиги KPC баёнотига таяниб хабар беришича, ҳужум оқибатида қурбонлар бор ва объектга жиддий зарар етган.
KPC маълумотига кўра, одамлар эвакуация қилинган, жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатилган.
Қувайт Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида мамлакат ўз хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ҳудуди ва муҳим инфратузилмасини ҳар қандай тажовуз ёки таҳдиддан ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўриш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолиши таъкидланган.
Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Қувайт жанубидаги Аҳмадий шаҳрида жойлашган ёқилғи терминалига зарба берилганини маълум қилди.
Эрон расмийларининг иддаосига кўра, мазкур терминал АҚШ ҳарбий-денгиз кучларини ёқилғи билан таъминлаб келган.
Қувайт Электр энергияси ва сув хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, ҳужумлар давомида электр станцияси ҳамда сувни тузсизлантириш заводи ҳам нишонга олинган.