Бугун 17 ноябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Эрон Ҳормуз бўғозидаги Уммон оролида кема навигацияси тизимларига ҳужум қилди

Эрон Ҳормуз бўғозидаги Уммон оролида кема навигацияси тизимларига ҳужум қилди

Эрон Ҳормуз бўғозида жойлашган Уммонга қарашли Дийдамар оролида кемалар ҳаракатини бошқариш ва навигация тизимларига зарба берди.

Бу ҳақда Reuters агентлиги учта манбага асосланиб хабар бермоқда.

Манбаларга кўра, ушбу ҳужум Теҳроннинг Форс кўрфазидан нефть етказиб беришни тиклашда фойдаланиладиган инфратузилма объектларига зарба бериш имкониятига эга эканини кўрсатган. Бироқ етказилган зарарнинг аниқ кўлами ҳозирча маълум эмас.

Аввалроқ Эрон давлат оммавий ахборот воситалари Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси оролдаги «душманнинг навигация тизимлари»га ҳужум қилиб, уларни ишдан чиқарганини хабар қилган эди. Агентлик ўрганган видеотасвирларда орол узра тутун кўтарилаётгани акс этган. Спутник суратларида ҳам фаоллик кузатилган.

Денгиз ташувлари ва денгиз хавфсизлиги соҳасидаги манбалар баҳолашича, ҳужумнинг тижорат кемалари қатновига таъсири чекланган бўлиши мумкин. Чунки минтақада муқобил навигация тизимлари ҳам фаолият юритмоқда.

Ҳодиса Форс кўрфазидан нефть экспорти аста-секин тикланаётган бир пайтда содир бўлди. Минтақа мамлакатлари нефть етказиб бериш учун қўшимча йўналишлардан, жумладан, Уммон ва БАА қирғоқлари яқинида бир кемадан бошқа кемаларга нефть ўтказиш усулидан фойдаланмоқда.

Шунингдек, АҚШ ҳарбийлари Ҳормуз бўғози орқали ҳаракатланаётган тижорат кемаларига ҳам кўмак кўрсатмоқда.

Киритилди: 10:20 12.11.2026. Ўқилди: 415 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар