Эрон футбол федерацияси Халқаро футбол федерациясига (FIFA) ҳарбий можаролар оқибатида мамлакатдаги спорт объектлари, хусусан, футбол инфратузилмасига жиддий зарар етказилгани ҳақида расмий хат йўллади.
“Эрон Ислом Республикасининг муқаддас тупроқларига қилинган ноқонуний ҳарбий ҳужум натижасида мамлакат спорт инфратузилмасига, айниқса, футбол объектларига катта талофат етказилганини чуқур қайғу билан маълум қиламиз”, дейилади Эроннинг ISNA агентлиги келтирган хат матнида.
Эслатиб ўтамиз, минтақадаги вазият 28 февраль куни АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши қўшма ҳарбий операцияси бошланиши ортидан кескинлашган эди. Эрон бунга жавобан АҚШнинг минтақадаги ҳарбий базаларига, шунингдек, Исроил, Қатар, БАА, Саудия Арабистони, Кувайт ва Баҳрайндаги қатор объектларга зарбалар берди.
Аввалроқ Эрон томони мавжуд геосиёсий вазиятни ҳисобга олган ҳолда, миллий терма жамоанинг 2026 йили бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатидаги иштирокидан воз кечиши мумкинлиги ҳақида баёнот берган эди. Маълумот учун, Эрон терма жамоаси гуруҳ босқичида Бельгия, Миср ва Янги Зеландия билан куч синашади. Қуръага кўра, ушбу гуруҳнинг барча учрашувлари АҚШ майдонларида ўтиши белгиланган. Аввалроқ Мексика президенти Клаудия Шейнбаум Эрон иштирокидаги ўйинларни ўз мамлакатида қабул қилишга тайёрлигини билдирган бўлса-да, FIFA бу таклифни рад этган.
Халқаро футбол ташкилоти (FIFA) ва The Times нашри берган маълумотларга кўра, ўйинлар манзили ўзгармайди. Ташкилот барча иштирокчилар 2025 йил 6 декабрда тасдиқланган расмий жадвал асосида ҳаракат қилишини талаб қилмоқда.