Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) ҳарбий-денгиз кучлари Ҳурмуз бўғозининг ғарбий қисмида АҚШга тегишли MQM-170 учувчисиз учиш аппаратини қўлга киритганини маълум қилди.
Tasnim агентлигининг хабар беришича, Эрон радиоэлектрон кураш бўлинмаси дронни аниқлаб, унинг бошқарув тизимини ўз назоратига олган. Натижада аппаратга зарар етказмасдан ерга қўндирилгани айтилмоқда.
ИИҚК баёнотига кўра, дроннинг асосий вазифаси Форс кўрфази соҳиллари ва Ҳурмуз бўғози бўйлаб жойлашган Эрон ҳаво мудофааси тизимларини аниқлаш бўлган.
Эрон ҳарбийлари аппаратдаги маълумотларни ўрганиб, у Форс кўрфазининг жанубий соҳилидаги давлатлардан бирининг ҳудудидан учирилганини ҳам билдирган.
Ҳозирча ушбу маълумотлар АҚШ томонидан мустақил тасдиқлангани ҳақида хабар йўқ.