Манбага кўра, фақат 2024 йилнинг ўзида АҚШ молиявий тизими орқали Теҳроннинг яширин молиявий тармоқлари билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлган тахминан 9 миллиард доллар ўтказилган. Гап Эрон ва АҚШ кредит ташкилотлари ўртасидаги тўғридан-тўғри операциялар ҳақида кетмаяпти.
Санкцияларни четлаб ўтиш учун Теҳрон асосан Бирлашган Араб Амирликлари, Гонконг ва бошқа юрисдикцияларда рўйхатдан ўтган сохта компаниялар, воситачилар ҳамда валюта айирбошлаш шохобчаларидан иборат кенг тармоқдан фойдаланади. Бу тузилмалар АҚШ молия институтлари билан корреспондентлик муносабатларига эга бўлган хорижий банкларда ҳисоб рақамлар очади.
Халқаро ҳисоб-китобларнинг катта қисми долларда амалга оширилгани сабабли, ушбу операциялар якунда АҚШ банклари орқали ўтади. Бироқ уларнинг Эрон билан алоқаси турли усуллар орқали яширилади.
АҚШ расмийлари Эронга қарши санкцияларни четлаб ўтишга қаратилган йирик схема аниқланганини маълум қилган. Унда Миср давлат банкининг БААдаги «Миср» банк филиаллари орқали АҚШ молиявий тизимига тахминан 1,8 миллиард доллар киритилган бўлиши мумкин.
Идора баҳосига кўра, 2024–2026 йиллар оралиғида ушбу банкнинг БААдаги бўлими ҳисоб рақамлари орқали Теҳроннинг яширин молиявий тармоқларига алоқадор бўлиши мумкин бўлган 103 та компаниянинг операциялари ўтган. Кўрсатилган даврнинг сўнгги 12 ойида бундай операциялар ҳажми қарийб 520 миллион долларни ташкил этган.
FinCEN маълумотларига кўра, банк мижозлари орасида Эрон Мудофаа вазирлиги ва Ислом инқилоби қўриқчилар корпуси (КСИР) томонидан маблағларни кўчириш ва турли товарларни халқаро чекловларни четлаб ўтган ҳолда харид қилиш учун фойдаланилган сохта компаниялар ҳам бўлган.
Хусусан, идора материалларида Alpa Trading FZCO компанияси тилга олинган. Унинг БААдаги «Миср» банки орқали амалга оширган операциялари 32 миллион доллардан ошган. Шунингдек, АҚШ томони Эрон олий раҳбариятининг молиявий тармоғи билан боғлайдиган Midas Oil Trading DMCC компанияси ҳам қайд этилган.