“Халқимиз яхши яшасин, фарзандлари замонавий билим ва касб эгалласин, даромади кўпайсин деб ҳаракат қиляпмиз. Мен аминиман, яна бир-ики йил қаттик излансак, Сирдарёда жуда катта ўсиш, ривожланиш бўлади.
Вилоятда мана шундай ишларни ташкил қилиш учун қатъиятли, талабчан, энг асосийси, аҳоли ва тадбиркорларни қийнатаётган масалаларга тезкор ечим топадиган салохиятли раҳбар керак”,
– деди давлатимиз раҳбари.
Сессияда ташкилий масала кўрилди.
Президентимиз аҳоли ва тадбиркорларнинг фикрини ўрганиб, Сирдарё вилояти ҳокими лавозимига ҳоким вазифасини бажараётган Эркин Турдимовни тавсия этишга қарор қилганини қайд этди.
Вилоят фаолларининг фикрлари тингланиб, ҳокимни тайинлаш масаласи овозга қўйилди. Овоз бериш натижаларга кўра, Эркин Турдимов Сирдарё вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди.
Ҳоким Сирдарёни ривожлантириш бўйича режаларини ҳаётга, аҳоли турмуш тарзига кўчириб, вилоятни энг илғор ҳудудлардан бирига айлантириш учун келаси йил вилоятга жами 3 миллиард доллар инвестиция киритиш, экспортни 500 миллион долларга етказиш, 185 минг одамни банд қилиш бўйича қаттиқ ишлаши лозимлиги кўрсатиб ўтилди.