Шондонг – дунёдаги энг катта ғор. У шунчалик улканки, унинг дарёси, ўрмони ва ўзига хос иқлими бор.
Шондонг Ветьнамнинг Фонгня-Кебанг миллий боғида жойлашган. Ўрмон тубида яширинган ғорнинг кириш эшиги 1991 йилда маҳаллий аҳоли томонидан топилган ва шов-шувларга сабаб бўлган. Ғор 2009 йилда бир гуруҳ британиялик олимлар томонидан текширилганидан кейин катта шон-шуҳратга эришган.
Ғорни текшириш пайтида унинг ўлчамлари рекорд даражага етганлиги аниқланди. Яъни узунлиги – 5 километрдан ортиқ, баландлиги – 200 метр ва кенглиги – 150 метр. Ғорнинг умумий майдони эса 38,5 миллион квадрат метрга тенг.
Шондонг ғори шу қадар каттаки, у ўзига хос микроиқлимни яратади: у ерда ёруғлик ва булутлар кириб бориши натижасида ҳосил бўлган ўрмон мавжуд. Ғор нафақат ўзининг рекорд ҳажми билан, балки дунёдаги энг баланд – 70 метрли сталагмитлари билан машҳурдир.
Шунингдек, у ерда бейзбол тўпининг катталигидаги ғайритабиий марваридлар мавжуд. Улар доимий томчи остида ердаги чуқурчаларда ҳосил бўлади.
Ҳозирда ғорга кириш учун махсус рухсат талаб қилинади ва улар чекланган миқдорда бўлади. 2019-2020 йилларда бундай рухсатномалар 1000 донадан ошмайди. У ерда туристик мавсум февралдан августгача давом этади.