Йўлларда хавфсизликни ошириш, аҳолининг фикрини инобатга олган ҳолда муаммоли жойларни аниқлаш мақсадида махсус электрон портал яратилади. Бу ҳақда масъул идораларга тегишли топшириқ берилди.
Портал орқали туман ҳокимлари ва ички ишлар бўлимлари қайси манзилга пиёда йўлаги, светофор, йўл белгиси ёки чизиқ кераклигини смета билан бирга жойлаштиради.
Аҳоли ҳам мазкур порталдан фойдаланиб, муаммоли жойлар ҳақида маълумот бериш, лойиҳаларни тўлдириш ва уларга овоз бериш имкониятига эга бўлади.
Бундан ташқари, портал орқали бажарилган ишлар бўйича фото ва видеолар жойлаштирилади. Аҳоли ушбу ишларга баҳо бериш ҳуқуқига эга бўлади.
Маълум қилинишича, барча ҳудудларнинг молиявий имкониятлари бир хил эмас. Шу сабабли, йўл ишлари учун жамғарма маблағлари вилоят ва туманларга тақсимланади ва улар томонидан молиялаштирилади.
Ички йўлларни тартибга солиш бўйича тўлиқ масъулият вилоят ва туман ҳокимларига юклатилади.