Қирғизистонда қурилиш компанияларига кўп қаватли уйлар ва тижорат биноларидаги хоналарни котлован босқичида сотиш тақиқланди. Бу ҳақда мамлакат Қурилиш вазирлиги маълум қилди.
Янги тартибга мувофиқ, кўчмас мулк савдосини фақат бино пойдевори барпо этилиб, барча ерости қурилиш ишлари якунланганидан кейин бошлаш мумкин.
Шунингдек, мазкур босқичгача қурилаётган объектларни реклама қилиш, харидорлар билан дастлабки шартномалар тузиш ва улардан маблағ жалб этиш ҳам тақиқланди.
Талаблар бажарилишини давлат архитектура-қурилиш назорати органлари кузатиб боради. Қоидабузарларга нисбатан қонунчиликда белгиланган чоралар қўлланади.
Қурилиш вазирлигининг таъкидлашича, чекловлар уй-жой харидорларининг ҳуқуқлари ва маблағларини ҳимоя қилиш, шунингдек, қурилиши бошланғич босқичда бўлган объектларга сармоя киритиш билан боғлиқ молиявий хавфларни камайтиришга хизмат қилади.