Президент мактабларда мусиқа, жисмоний тарбия ва ҳарбий ватанпарварлик фанлари сифатини ошириш бўйича тақдимот билан танишди. Шу борадаги ишларни ташкил этиш режалари юзасидан ахборот берилди.
Унга кўра, ёшларни оммавий спортга кенг жалб қилиш мақсадида мактабларда 22та олимпия, 19та ноолимпия, 4та миллий спорт турлари ўргатилади. Бу учун жисмоний тарбия фани бўйича ўқув қўлланмалар ишлаб чиқилиб, ўқув дастурлари такомиллаштирилади.
Келгуси ўқув йилидан бошлаб, босқичма-босқич ҳамма жойда мактаб спорт клублари ташкил этилади. Бу йўналишда ҳам ўқитувчиларга тоифа бериш янги тартиби, мактабларнинг спорт бўйича рейтинг тизими ишлаб чиқилади.
Шунингдек, энди чақириққача бошланғич тайёргарлик ўқитувчиси штати Мудофаа вазирлигига ўтади ва бу вазифага Қуролли Кучлар захирасидаги ҳарбийлар ишга қабул қилинади.
Мазкур фан бўйича янги ўқув дастури ва дарсликлар яратилади. Ҳар бир туман ва шаҳарда биттадан мактаб негизида “Жасорат мактаби” фаолияти йўлга қўйилади.